May 8, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Тождор вирус билан ҳазиллашманг! ёхуд Республика махсус 1-сон Зангиота шифохонасидаги кечинмалар

Эрталаб аксириш бошланди. Кечқурунга бориб эт увишиб, иситмам кўтарилди. Ўлчаб кўрсам, 39,2. Дарров АЦЦ кукунидан ичдим. Эрталаб тиниқиб уйғондим. Демак, бироз шамоллаганман ва ўтиб кетади деб ўйладим.

Тушликдан сўнг яна совқотиб, иситма кўтарилиш бош­ланди. Қуруқ йўтал. Таъм билиш, ҳид билиш жойида, фақат нафас тиқилиб қолаётганга ўхшайди. Ўзимча, грипп бўлибман, тузалгач эндокринологга буқоқ учун ҳам текширтирмасам бўлмайди, шекилли, деб ўйладим. Шу ҳолда кундузи уй ичида пешингача соппа-соғ юраман, юмушларимни бажараман, дард қурғур тушдан кейин бошланади. Кечқурун деразани ланг очиб ётаман.

Аҳволим ўнгланмади. АЦЦни мунтазам ичдим, уй шароитида антибиотик укол олсам ҳам тузалмадим. Йўтал зўра­йиб кетмоқда. Уйга маҳаллий шифокоримни чақирсам, улар кўриб зудлик билан рентгенга тушишимни тавсия қилдилар. 11 март куни кеч соат 20:00 да Тез ёрдам кўрсатиш тиббиёт марказига бориб рентгенга тушсам ўпка шамоллаши ташхисини қўйишди ва коронавирус эҳтимоли борлиги, бунинг учун Зангиотада даволанишим шартлигини айтиб йўлланма беришди.

Тўғриси, Зангиота деганда менда дастлаб нохуш таассуротлар уйғонган. Ўзим билган бир нечта инсонлар ўша ерда вафот этишган, шароити ёмон деган тушунчалар шаклланганди. «У ерга бормайман. Агар Коронавирус бўлсам бошқа шифохонада даволанаман, бўлмасам уйда муолажа оламан»,- деб қайсарлик қилдим. Мени текширган шифокор, «Мен йўлланма ёзиб бераман. У ерда даволаниш ёки даволанмаслигингиз ўз ихтиёрингизда», — деди.

Уйга қайтгач, қарасам аҳволим тобора ёмонлашаяпти. Телеграм орқали Азизахон Ходжаева билан маслаҳатлашдим. Азизахон опа етук вирусолог врач, профессор. У киши Зангиотада ётишимни, у ерда малакали шифокорлар ишлаши ва шароити яхшилигини уқтирди. Эрталаб тез тиббий ёрдам машинасида 1-сонли Зангиота клиникасига бордик. Қабулхонада зудлик билан МСКТ, экспресс тест текшируви ўтказилиши натижасида коронавирус инфекциясининг оғир кечаётганлиги, пневмония аниқланди.

Муолажа жараёнида у ерда беморлар учун яратилган шарт-шароитларнинг яхшилигига, шифокорларнинг жонкуярлигига тан бердим. Муолажани белгилаш учун ҳар икки кунда керакли таҳлиллар олинади, вазиятга кўра МРТ ёки рентген текшируви амалга оширилади.

Палатада уч киши ётдик. Палатамизда алоҳида ювиниш, тозаланиш хонамиз бор. Кунига уч маҳал худди уйимиздек шароитда тайёрланган сифатли ва қувватли таомлар: эрталабки нонуштада албатта, сутли каша (ширгуруч, гречкали, сулили, манкали), сариёғ, касалхона шифохонасида пиширилган булочка, ёнида ё қайнатилган тухум, творог, бринза, колбаса бўлади.

Тушликда сабзавотлардан тайёрланган витаминли салат билан суюқ ва қуюқ — биринчи ва иккинчи таом.

Кечки пайт ёки қуюқ, ёки суюқ овқат. Таомланиш пайти қатъий: эрталаб 8:00 -9:00 гача. Тушлик 12:00-13:00 гача. Кечки овқатланиш 17:00-18:00 гача. Ундан кейин муолажалар бошланади.

Барча дори-дармон муолажалари бепул амалга оширилди. Уйдан бирор бир дори келтирганим йўқ. Аскорбин, амброксол, аскорцинк, клопидогрел, ремдесивир, бисопролол, амлонон, цефаперазон+сульбактам, гепарин, февалган, верашпирон, мукальтин, левофлоксацин каби дори-дармонлар олдим.

Палата шифокоримиз Баҳодир Мамашарипов ҳар куни эрталаб меҳрибонлик билан «Хўш, опалар…» деб, соат 10:00 да умумий аҳволимизни сўраб палатага киради, қон босими, пульсимизни ўлчаб, зарур дори-дармонларни белгилаб чиқиб кетади. Баҳодирнинг айтишича, вирусдан бутунлай фориғ бўлгач, шифохонадан ташқарига чиқарилар эканмиз. У ўз укамиздек бўлиб қолди.

Ҳамширалар Дилноза, Динаралар кунига беш маҳал укол, уч маҳал томчидори-капельница қилишди. Томир жонивор игнани кўрса қочадиган даражага келиб қолдики, ҳамширалар ҳатто ипакдек томиримизни ҳам игна учун бирпасда топишади, қўллари енгил.

Томчи уколни қўйиб бўлгач, уларни чақириш учун  каравотингиз тепасига ўрнатилган кнопкали радиоузель чақиргичи орқали тугмачани боссангиз ўзлари келишади.

Беморнинг тузалиши аввало ўзига боғлиқ бўлса, сўнг шифокорга, ундан кейин палатадошларига боғлиқ бўлади. Палатадошларим Элмира, Мукаррам холалар жуда ҳам самимий, дилкаш аёллар экан. Элмира тўрт фарзанднинг онаси — Юнусободдан. Мукаррам хола, кайвони, пири-бадавлат ая, ободонлаштириш бошқармасида ишлайдилар, яқинда пенсияга чиқиш арафасидалар. 20 кун мобайнида бир-биримизга дардкаш бўлиб ётдик. Ташқарига чиқишга рухсат бўлмагани учун деразамиз ойнаси доим очиқ. Ташқарига қарасангиз кўм-кўк майса ва арчаларни кўриб ўзингизни курорт стационарда ётгандек ҳис қиласиз. Бошида фойдаланган кислород баллончаларидан ҳам охирги ҳафталарда фойдаланмай қўйдик. Ёмғирдан ке­йинги озонга тўйинган ҳавода мириқиб ўпкамиз ҳам, миямиз ҳам нафас олди. Шундан бўлса керак, тезроқ тузалдик.

Касалхонада ётганимда Азизахон опанинг мунтазам хабар олиб турганлари, яқин инсонларимнинг мунтазам маънавий кўмаклари анча кайфиятимни кўтарди. Касалхонада телефон, интернетдан бемалол фойдаланиш, ўзингиз учун зарур бўлган нарсалар (китоб, дафтар, мева-чева) ни уйдан келтиришингиз мумкин.

Бу мақолани ёзишимга яқин дугонамнинг: “Зангиотада ётиб чиқдингиз, у ернинг шароитлари яхшими? Турмуш ўртоғимга КОВИД ташхисини қўйишди” деган саволи туртки бўлди. Касаллик жараёнида бошимдан кечирганларимни ёзсам, балки кимгадир йўриқнома бўлар деб ўйладим. Хулосам шуки, юқоридаги каби ҳолатларни ўзингизда сезсангиз, кечикмасдан шифокор ҳузурига ошиқинг!

Нигора УМАРОВА