May 8, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Коррупция Кашшейнинг жоними?

 38 total views,  2 views today

Болалигимда онамнинг эртакларини тинглаш мен учун энг севимли машғулотлардан бири эди. Ҳатто, зўр мароқ билан сўзлаб берган “Ўлмас кашшей ва ботир ўғлон” ҳақидаги чўпчак  худди кечагидай ёдимда. Ўша пайтларда онам Ўлмас кашшейнинг жудаям кўп жони борлиги, атрофдагиларга мислсиз даражада зуғум ўтказгани ва бир баҳодир пайдо бўлиб унинг барча жони яширинган нарсаларни йўқ қилгани-ю, охир-оқибат одамлар кашшейдан қутулиб, тинч ва тотув ҳаёт кечиргани тўғрисидаги қизиқ воқеа­ларни айтганди.

Мен шу пайтгача ўлмас кашшей фақат эртакларда бўлади деб ўйлар эдим. Энди эса жонининг саноғига етиб бўлмайдиган, жамият – у ривожланишни еб битираётган коррупция ҳақиқий «Ўлмас кашшей»микан, деб ўйлаяпман. Аслида ҳам шундай эмасми ?! Фақат бу кашшейнинг жони жамият аъзоларининг, яъни бизларнинг қўлимизда. Бироқ биз эртакдаги ботир ўғлон каби уларни йўқ қилишга эмас, балки йўқ жойдан бор қилишга интиламиз. Бу «Ўлмас кашшей» ўзининг саноқсиз жонини прокуратура, тиббиёт, таълим, қурилиш, суд ва бир қанча соҳалардаги юрт тараққиётидан кўра, ўз манфаатини, охиратидан кўра, бу ўткинчи дунёсини устун қўядиган нокас кимсалар чўнтагига яширган.

Шуни ҳам айтиш жоизки, прописка деб аталмиш «мерос» коррупциянинг яна бир йўқотилинишига ҳаракат қилинаётган, аммо йўқ бўлмаётган жонидир. Пропискани йўқотиш йўлида дастлаб унинг тарихий исмини ўзгартирдик. Доимий прописка қилиш — «доимий яшаш бўйича рўйхатга олиш» тушунчасига алмаштирилди. Бундан икки йил аввал Карим Баҳриев мақоласида қуйидаги фикрларни келтириб ўтганди: «Пропис­канинг номи турли даврларда турлича аталса-да, унинг моҳияти ўзгармади – ҳукмдор унга итоат қиладиган халқ қай ерда эканини билиши керак. Истаса, Конституцияда эркин кўчиб юриш назарда тутилган бўлса-да, халқнинг кўчиш эркини чегаралаши лозим. Инсонга мулк сифатида қарайди бундай тизим – кўчиб юрувчи инсонни “кўчмас мулк”ка айлантиради, бир ерга дарахт каби “экиб” қўяди. Бюрократизмнинг абадий “қадрияти” бўлган прописка турли кўриниш­ларга эврилиб яшаб келади».

Дарҳақиқат, телевизорни ойнаи жаҳон деб атаганимиз билан унинг одамларга кўриш ва эшитиш орқали ахборот бериш вазифаси ўзгариб қолмайди! Прописка ҳам худди шундай. «Ўлмас кашшей»нинг «прописка» деб аталмиш жони неча йиллардан бери қанчадан-қанча порахўрликларга, неча-неча инсофсиз кишиларнинг бойишига сабаб бўлмоқда. Айтганча, баъзи бир ишбилармон кишилар сохта никоҳ орқали бу қуриб кеткурга эга бўлиб олишда давом этяпти. Тошкент пропискага ўтилди, тамом, энди ажралишса ҳам бўлади қабилида иш кўришаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас, шунингдек, мана шу пропискани йўқотишга қарши чиқаётганларга ҳам.

Бундан ташқари, прописка тизими халқаро ҳуқуққа (Ўзбекистон ратификация қилган Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги Халқаро пактнинг 12-моддаси) ва Ўзбекистон Рес­публикаси Конституциясининг 28-моддасига ҳам зиддир. Бироқ шуни ҳам таъкидлаш керакки, бу эскилик тизимини секин-­аста ислоҳ қилишга ҳаракат қилиняпти. Хоссатан, Ўзбекистон Республикаси фуқароларини доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатга олиш ишларини Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга ошириш имконияти яратилмоқда. Албатта, ҳар бир соҳада  инсон омилини иложи борича камайтириш коррупцияни йўқ қилишга ёрдам берадиган асосий усуллардан биридир. Президентнинг 2020 йил 22 январдаги қарорига биноан вақтинчалик ёки доимий пропискасиз фуқароларни ишга қабул қилишдаги тақиққа барҳам берилди ва иш берувчилар жавобгарлиги бекор қилинди.

Неча йиллар давомида пойтахтдан уй олишга уриниб, қанча “югур-югур”ларга дуч келган, ўзи шундоқ ҳам анча тер тўкиб, шу уй учун зўрға маблағ тўплаган бечора энди уй сотиб олиш учун прописка деган тўсиққа келиб урилар эди. Аслида, моддий томондан етишмовчилиги бўлмаган кўпгина фуқаролар бу тўсиқни айланиб ўтиш йўлларини топган. Аммо уй сотиб олиш учун бир неча йил давомида тиним билмай ишлаган, йиққан пули учма-уч бўлиб, шу уйга етиб турганлар бу айланма йўлни билсалар ҳам унга маблағни қаердан топсин? Шу хусусда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан 2020 йил 1 апрелдан бошлаб, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий рўйхатга эга бўлмаган фуқароларга ушбу ҳудудларда ўзлари хоҳлаган уй-жойларни харид қилиб, шу уйларга тўсиқларсиз рўйхатдан ўтиши ва ўзларининг яқин қариндошларини ҳам доимий рўйхатга қўйиш имконияти пайдо бўлди. 2020 йил 1 сентабрдан эса Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг доимий яшаш ва вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмасдан истиқомат қилиш муддати 15 кун ҳисобланиши жорий этилди.

Бу каби ислоҳотлар жамиятимизни ичи-ичидан емираётган коррупцияга қарши ҳаракатлар намунасидир. Бироқ прописка борасида қанча ташаббуслар, енгилликлар яратилмасин, барибир “ишбилармон”лар томонидан қинғир йўллар амалга оширилмаяпти деб ҳеч ким айтолмайди. “Ўлмас кашшей”нинг бу жони бир қанча ривожланган мамлакатларда йўқ қилинган.

Аммо биз ҳали-ҳамон СССР “мерос”ини сақлаб келмоқдамиз. Қизиқ, қачонгача биз коррупциянинг бу жонини асараб-авайлаб юрар эканмиз?!

Моҳим ТОПИЛОВА,

“Жамият” маҳорат мактаби тингловчиси