May 8, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Китобхонлик маданияти қизиқиш ошганда юзага чиқади

 285 total views,  2 views today

Президентимизнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривож­лантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги қарорининг жойлардаги ижроси бугун ўз самарасини бермоқда.

Жумладан, Яшнобод ҳам ахборот-кутубхона марказида аҳолининг ахборотга бўлган талабларини тезкор қондириш, китобга бўлган қизиқиш ва мутолаа маданиятини ошириш борасида бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Бунда биринчи навбатда китобхонлар талабини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Марказ томонидан саволномалар тарқатиш орқали фойдаланувчилар хоҳиш-истаклари аниқланмоқда.

Шу кунларда кутубхона жамоаси ишни янгича ташкил этиш, замонавий ахборот технологиялардан кенг фойдаланиш бўйича олиб бораётган ишлар ҳам эътиборга молик. Хусусан, марказда маркетинг ишларини ривожлантирган ҳолда ижтимоий тармоқларда саҳифалар очдик. Уларда китобхонлар билан мулоқотга киришиб, китоб­ларнинг электрон шакли, аудио китоблар, эртак китоблар, видиороликлар, мақолалар, янгилик­ларни мунтазам жойлаштириб бориш йўлга қўйилган. Китобларнинг асл нусхаси ҳам тавсия этилмоқда.

Марказдаги “KARMAT-U” дастурий таъминоти эса фойдаланувчига зарур бўлган адабиётларни каталог воситасида тезда топиш имконини беради. Ушбу дастурда 4589 номдаги китобларнинг тўлиқ матнли электрон кутубхонаси яратилган. Изланаётган манба кутубхона фондида бўлмаса, бошқа кутубхоналар, масалан, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси сайтларидан оламиз.

Ҳозирги кунда марказ 98 минг 172 та китоб ва турли ахборот-қўлланмаларни ўз ичига олган. Туманимиздаги маҳаллалар, мактаблар билан маданий-маърифий ишларни ҳамкорликда ўтказиш учун шартномалар тузиб, жойларда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида мутолаа маданиятини оширишда ўтказиб келинаётган тадбирларимиз ҳам юқори самара бермоқда. “Маърифат карвони” тадбирлари доирасида “Буюклар ёди”, “Алишер Навоий асарлари муқаддас мерос”, “Қалбимизда мангу сиймолар” номли адабий-бадиий кечалар, “Буюк шоир назмининг навоси”, “Бобур каби севинг Ватанни”, “Баҳор келди сени сўроқлаб” номли китоб кўргазмалари, Мусо Тошмухаммад Ойбекнинг “Навоий” романи, Зулфияхонимга бағишланган “Эҳтиром” китобининг тақдимотлари ва кўчма кутубхоналар уюштириш шулар жумласидандир.

Марказ ходимларининг малакаларини ошириб боришга ҳам эътибор қаратиб келинмоқда. Ахборот-кутубхона фао­лиятининг барча йўналиш­ларини қамраб олган “Ёш мутахассис мактаби” фаолият кўрсатиб, касб сир-асрорларини ходимларимизга ўргатиб келмоқда. Чунки мутахассисларнинг моҳирлиги ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш, ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Яхшигул Атаева,

Яшнобод туман

ахборот-кутубхона 

маркази директори