May 8, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Йигирма тўртинчи автобус “ҳайрати”

 23 total views,  2 views today

Талабалик бахтига муяссар бўлиб, Тошкентга йўл олдим. Катта шаҳарнинг кўчалари, одамлари — ҳамма-ҳаммаси ёт бегона. Баъзан бу ҳол мени ҳадиксиратар, баъзан ичимдан қандайдир ҳис ўзингни қўлга ол, ҳаммаси яхши бўлади, дер эди. Уйдагилар билан қўнғироқлашар эканман, “эҳтиёт бўл, ҳаммани дўст билиб ичингдагиларни айтаверма”, деган маслаҳатлари хавотиримни баттар оширарди…

Шундай кунларнинг бирида соддалигим сабаб сумкамдаги пулимни йўқотиб қўйдим. Автобус эшиклари ёпилди. Ёнимда курсдош дугоналарим ҳам бор эди. Ҳаммадан кейин, сўнгги бекатда тушар эдим. Автобусда одамлар деярли кам. Ҳамма тушиб кетди. Мен эса сумка титиш билан андармон…

“Қизим, тушасанми?” Ҳайдовчи амакига нима дейишни билмас эдим. Жовдираб унга қараб турардим. Бир муддат сукутдан кейин пулимни йўқотиб қўйганимни, нафақат йўлкира, балки ижарага берадиган пулларим ҳам йўқлигини айтдим. Амаки эшитиб туриб, содда қишлоқ қизи эканимни билди шекилли, юпатувчи оҳангда «Қизим, хафа бўлма, бунда ҳам бир ҳикмат бор. Мана энди шу вазиятга тушиб, ўзингга эҳтиёт бўлишни билиб олдинг! Энди нима қиласан? Ижара пулингни қандай тўлайсан?», дея ачинди. Амакининг бу гапларидан кейин ўзимни тутиб тура олмадим, йиғлаб юбордим. Нима қилишни билмасдим. Амаки ҳам худди хаёлимда йўлкирани чўз, дегандек туюлаверарди. Кейин  менга: «Қизим ҳаммани дўст, деб билма. Ўзингга пухта бўл», дея қўлимга пул тутқазди. Мен дам пулга, дам амакига қарар эдим. Бунинг боиси нима? Нимага менга бегона инсон пул тутяпти?

— Қизим, бу пулни ол, сенинг вазиятингни тушуниб турибман. Қиз бола пулга муҳтож бўлмаслиги керак. Агар шунчалик хижолат чекаётган бўлсанг,  уйдагиларинг пул юборганда берарсан. Мен бу ерда 5-6 йилдан бери ҳайдовчилик қиламан. Уйим ҳам шу атрофда. Кўпчилик мени танийди…

Пулни олиб, автобусдан тушдим-да, йўлимга равона бўлдим. Мен, албатта, бу инсоннинг яхшилигини унутмайман, кўпи билан қайтаришни ният қилдим. Амаки уч ойлар чамаси бу ерда ҳайдовчилик қилди. Ундан кейин у амакини қайта кўрмадим. Бу орада мен қўшимча иш топган, биринчи оладиган ойлигимни ўша амакига бериш ниятида эдим. Кўпчиликдан сўрадим. Аммо у амакини ҳеч ким танимас экан.

Ўқишимиз ҳам якунланди ва қишлоққа қайтдим. Бўлган воқеаларни онамга сўзлар эканман, амакини қидирганимни, лекин топа олмаганимни айтдим.

Янги ўқув йили ҳам бошланиш арафасида эди. Тоғам мени машинасида бошқа жойга ижарага жойлаштириб кетмоқчи эди. Тор, қийшиқ, одамлари кўп кўчадан кириб борар эканмиз, тоға, деб бақириб юбордим. Тоғам кўчани кесиб ўтаётган ногиронлик аравачасидаги бир одамни уриб юборишига бир баҳя қолди. Тоғам жаҳл билан машинадан тушди ва унга бақириб кетди. Кўзим ногиронлик аравачасидаги кишига тушар экан, беихтиёр ўзимни ташқарига отдим. Кўзларимга ишонмас эдим. Аравачадаги амакининг ёнига югуриб бордим, ҳайратдан тилим айланмасди. Бу ўша, мени қийин аҳволдан чиқарган, етти ёт бегонани қўллаган саховатпеша инсон эди…

Амакига юзланиб, узоқ қидирганимни, қандай бу аҳволга тушиб қолганини сўрай кетдим. Тоғам ҳеч нарсани тушунмас, дам менга, дам амакига қарар эди. Бўлган воқеани тоғамга айтиб бердим. Тоғам гапларимни тинглар экан, амакига разм солди. Кейин машинасидан нимадир ёзилган қоғозни олиб келди-да, эртага шу кўрсатилган манзилга боришини айтди. Амакининг таажжуб аралаш нигоҳига жавоб тариқасида ўзининг шифокор эканини ҳам қўшиб қўйди…

Орадан анча вақт ўтди. Тоғам менга қўнғироқ қилиб, амаки энди юриб кетишини, жарроҳлик амалиёти яхши ўтганини айтди. Шу онда қалбимдаги ғуборим ариди, Яратганнинг карами кенглигига, савобнинг жавоби борлигига шукрона келтирдим.

Бизни ўраб турган борлиқ, атрофимиздаги инсонлар парваришга, меҳр-муҳаббат ҳамда  эътиборга эҳтиёж сезишади. Кўчада ётган тошни бир четга суриш, дарахтга бир ҳовуч сув қуйиш, йўлда оғир юк кўтариб кетаётган кишига ёрдам қўлини чўзиш — буларнинг барчаси яхшилик фазилати. Шундай экан, яхшилик қилишдан чарчамайлик. Бунинг ҳосилини, албатта, “ўриб” оламиз.

  Ҳа, айтганча, мабодо, Юнусобод томонга йўлингиз тушиб, 24-автобусга ўтирсангиз, бир қараганда юзидан нур ёғилиб турадиган, сочлари хиёл оқ, қорачадан келган ҳайдовчига дуч келсангиз,  менинг саломимни етказиб қўйиш ёдингиздан кўтарилмасин.

У менинг амаким, у яна автобус ҳайдаяпти!!!

Қирмизой ҲАКИМОВА,

“Жамият” маҳорат мактаби тингловчиси