May 8, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Инсоф

 107 total views,  2 views today

Ноинсоф. Ўйлаб кўрсак, аслида бу жуда оғир ҳақорат. Аммо қулоғимизга тез-тез чалиниб туриши боис, кўникиб қолганмиз, шунчаки бир иборадек қабул қиламиз. Фойдаланишга топширилганига ҳали кўп ўтмай туриб, кўприк қулаб тушса, одамларга мўлжалланган баланд қаватли уй ағдарилса, янги хонадонга кўчиб кирганлар бир йилга бормай ҳали сув, ҳали канализация тизимидаги муаммоларга дуч келса, девордаги ёриқлар пайдо бўлганини кўрса, қурувчини ноинсоф дейди. Тешиб чиқсин сенга берган пулим, деб оғринади. Қарғайди.

***

Ўн йил олдин бир танишимиз қишлоқ жойларда қурилаётган намунавий лойиҳалар асосидаги уйлардан бирини олиш учун пул тўлади. Шартномада муддат бир йил этиб кўрсатилган. Ҳар кўришганда, уй тўйи қачон дейман. Гапни бошқа ёққа буради. Охири бир куни ёрилди. “Жўра, сен журналистсан, шуларни бир ёз, уй оламан деб адойи тамом бўлдим, ўзи ойликка яшайман. Аммо маошимни рўзғорга етказолмай қолдим. Кредит мени еб ташлади. Ҳаммасиям майли, уй ҳали-вери битмаса керак”, деди. Уйини кўрдим. Шартнома тузилганига икки йил ўтган бўлса-да, ҳали том ёпилмаган. Онда-сонда шарпадек бўлиб, кимдир кўринмаса чала уйларни қурадиганлардан ҳеч кимни учратмадик. Атроф қабристондай ҳувиллаб ётибди. Дўстимнинг кўнглига қараб, қурилишга масъ­ул одамни топ­дик, уни олиб қурувчиларни пул, қурилиш маҳсулотлари билан таъминлайдиган ташкилотга бордик. Бошлиққа кириб, дўстимнинг ижарада яшаётганлигини, унга уй жуда зарур эканлигини, тезроқ ишни якунлаб беришни илтимос қилдик (ўзинг пул тўлайсан, ишонасан, ва яна илтимос ҳам қиласан. Бунақаси фақат бизда бўлса керак). Бўлмаса Бош вазир номига шикоят ёзамиз, дедим. Шу пайт ҳеч кутилмаган иш бўлди: бизни эшитиб турган каттакон ёнимиздаги прорабни чунонам сўкиндики, чидаб бўлмайди. Камига беш-олти маротаба тепдиям. “Сендай ифлослар нарсаларни еб кетмаганингда, мана бунга ўхшаган одамларнинг уйлари аллақачон битиб кетарди” деди.

Ташқарига чиқдик. Жуда ноқулай вазиятда қолган эдик. Ҳозир бу прораб бошлиқнинг олдига кириб дабдаласини чиқариб ташласа керак, деб ўйлагандим, йўқ, иршайганча деди: “Бошлиқ афганецда, урушни яхши кўради. Лекин ўзиям кўп нарсани еворган, ноинсоф”.

***

Ижтимоий тармоқларда ҳомиладор келинчакнинг қайнотаси, қайнукаси томонидан калтаклангани, натижада увол кетган ёш жувон ҳақида ўқиб, ларзага тушдим. Биров 18-20 йил пуф-пуфлаб ўстирган фарзандини бошқанинг маҳрамига бериб, хизматини қилсин дея ўтирсаю, қувонч ўрнига бундай мудҳиш қайғуда қолса, бошини қаерга урсин? Қудачилик — минг йилчилик деган гаплар қаерда қолди? Нима эмиш, келин аммасиникига бориш учун қўшнидан беш минг сўм олгани қайнотага ёқмаганмиш. Ёқмаган бўлса, қўлига пул тутқазиб қўй, кўнг­лига қара. Эркаклик ғуруринг шунча баланд эдими? Оиланг бировдан бир нарса сўрайдиган ҳолатдалигини била туриб аламингни нега бегуноҳ келинингдан оласан? Ожизага қўл кўтарган, кейин уялмай-нетмай марҳуманинг шаънига бўлмағур гапларни айтаётган шундай разил касларни кўриб, улар билан бир ҳаводан нафас олаётганингга пушаймон бўласан. Ўша воқеа тасвирланган хабар тагида минглаб изоҳлар бор. Кимдир катта қилиб НОИНСОФ деб ёзибди. Ҳақоратламабди, лаънатламабди, гўрига ғишт қаламабди, аммо бор нафратини шу сўзга жойлабди — НОИНСОФ.

***

Газ плитамиз яхши ишламай қолди. Уста қидириб, ажиб ҳолатларга дуч келдим. Биринчи уста “инновацион” экан: “Уйимга опкеб ташанг, вақтим бўлса кўриб, айтаман. Бир кўриб қўйишим 300 минг бўлади. Тузалса ҳам, тузалмаса ҳам шу гап”.

Иккинчи устани билмайдиган нарсаси йўқ, ҳам инсофли дейишганига ишониб, унинг рақамини топиб, дардимни айтдим. Плитанинг русумини сўради. “Артел”, дейишим биланоқ хайр-маъзурниям насия қилди. Яна бир устани мақташганди, уйига беш марта бордим, тополмадим.

Охири, маҳалладаги отахонлардан бири билан гаплашиб, шу мавзудан сўз очгандим, у бир тенгдош танишининг манзилини айтди. Узоқроқда яшайдию, лекин ишининг пири, деди.

Топиб бордим. Йўл-йўлакай гаплашиб келдик. 73 ёшда эканлар, ўғил-қизлари уйли жойли бўлиб кетишганини, эрмак учун, зерикиб қолмаслик учун шундай ишларни қилиб турамизда, ўғлим, дедилар худди бу иш айбдек.  Уйга келиб, бир чойнак сув қайнагулик вақтда ишни тугатган уста газни ёқиб берди, на ҳид бор, на бошқа муаммо. Яна: «Ўзим великда келаверардиму уйим сал узоқда, чарчаб қоламан бу иссиқда» дедилар. Уйларига обориб қўйишда ҳам гаплашиб кетдик. Икки кун олдин туғилган кунларига ўғиллари машина совға қилишганини айтиб қолдилар. Табрикладим. Уйларига етгач, иш ҳақи қанча бўлади, дедим.

“Э, қўйсангчи, болам, шу арзимаган иш учун пул олсам, менинг манзилимни айтган оғайнимни ҳурмати қаерда қолади”, деди.

Ҳар қанча илтимос қилмайин, рад қилиб туравердилар.

Одамгарчилик, инсоф дегани мана шу бўлса керак.

***

Кўчамизга қатиқ сотувчи келди. Коляскада чақалоқ, ёнида 5-6 ёшлардаги қизчаси. Бонкалар коляска тагига жойлаштирилган. Бир бонка қатиқ беш минг сўм экан. Шу пайт онаси ҳам, қизча ҳам қўшниларнинг дарвозасини тақиллатгани кетишди. Мен секин билдирмай коляска чўнтагига ўн минг солиб қўйдим. Кейин қатиқ олиб, қизчанинг қўлига беш минг узатдим.

Эртасига улар яна келишди. Мабодо сиз адашиб пул бермадингизми, ҳисоб-китобимиздан ўн минг сўм ортиқча чиқаяпти, дейишди.

Титраб кетдим.

Дунёни гўзаллик эмас, инсофли одамлар қутқарса керак…

***

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йилда Фарғона вилоятидаги видеоселекторда айтган гапларини тез-тез эшитиб, кўриб тураман. Ютубда ҳам бор. Шу мажлисда юрт раҳбари айтган гаплар Абулайс Самарқандийнинг “Танбеҳ ул-ғофилийн” асарини эслатади.

Ривоят қилишларича, адолатсизлик, ўзгалар ҳақини ейиш, хўжакўрсинга иш қилиш авж олган бир маскандаги аҳволдан ғазабланган Аллоҳ таоло Жаброил  алайҳиссаломга ўша шаҳарни кунпаякун қилишни буюрибди. Ҳазрат Жаброил қарасалар, ўша манзилда бир олим кечаси ухламасдан илм ўрганмоқда экан.

—     Ё, Аллоҳим, — дебдилар Жаброил. — Мени синамоқчи бўлдингми, бу жойда кунни тунга улаб маърифат излаётган бир банданг бор экан, жазолашга журъатим етмаяпти.

—     Айнан ўша олимнинг уйидан бошла офатни, — буюрибди Парвардигор. — Илми бўлиб амали бўлмаган, ён-­атрофда бузуқликни кўриб туриб индамаган бундай олим садқаи илм, садқаи умр кетсин.

…Юртбошимизнинг куюниб айтадиган гаплари ана шундай бефарқ, фақат ўз манфаатини ўйлайдиган, ўтирган амалини сақлаб қолиш учун ҳеч қандай қабиҳликдан қайтмайдиганларга бир зарба.

“Тўрт йил ишламай, данғиллама уй қурасан, беш-олтита машина оласан, — дейди Прези­дент айрим нопокликлар ҳақида гапириб. — Нима ойлигингга оласанми? Ўғри бўл, инсофли бўл”.

Воҳ, бу даккилар кўксида иймони, виждони бор одамни тешиб юборади-ку! Ҳалол инсонлар ҳам кўп, аммо баъзи Жиғилдонлар пора олишдан, ҳисоботларни сохталаштиришдан қайтмаяпти. Президент ўша мажлисда ҳуқуқ-тартибот идораларидан бирининг вакилига форма кийиб томошабин бўлиб ўтириш вақти ўтганлигини, текшир-текшир, қама-қама эмас, аксинча одамлар онгини ўзгартириш фурсати етганини айтар экан, шундай адолатли, халқпарвар инсон мамлакат етакчиси эканлигидан фахрланиб кетасан, киши.

Агар сизу биз истиқомат қилаётган шу замин буст-бутун бўлса, демак пок одамларнинг шарофатидан, бу.

Агар биттагина кўнгилда эзгу умид пайдо бўлса, Инсоф­ни кўп тилга оладиган инсоннинг ўз халқига чексиз меҳр-муҳаббати самараси, бу.     

Келинг, инсофдан узоқлашмайлик, ахир, халқимиз ҳаммасини кўриб-билиб турибди.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ