May 8, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Хоинликми ё қаҳрамонлик?

 41 total views,  2 views today

Ижтимоий тармоқларда йўлдаги қоида бузарликларни мобил телефони ёки бошқа қурилмалар орқали суратга олган шахсларни сотқинга, хоинга чиқарганлар кўп бўлди. Айниқса, “Ватандошини сотган, ватанини ҳам сотади” қабилидаги гаплар кўплаб шов-шувларга сабаб бўлди.

Ижтимоий тармоқларда одамлар икки гуруҳга ажралиб олган. Кимдир қоидабузарлик­ларни суратга олиш яхши, бу билан йўлдаги нохуш ҳолатларнинг олди олинади, деса, бошқа биров уларни сотқинликда айблайди. Хўш, аслида ҳам қоидабузарликларни суратга олиш сотқинликми?

Ким қандай фикрда ?

Блогер, ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев бу мавзу юзасидан доим баҳслар бўлишини, ҳайдовчилар ўз манфаатларидан келиб чиқиб, бу ишни “сотқинлик” деб аташини таъкидлайди. Ўзининг эса бунга мутлақо қарши эканини билдиради. Бунга сабаб қилиб қоидани менсимайдиган ҳайдовчилар туфайли йўллардаги қурбонларнинг кўплигини келтиради.

Ижтимоий тармоқ фаолларидан яна бири тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузаётган транспорт воситаларини қайта ва қайта суратга, видеога олиш ва бунинг учун қайта ва қайта мукофот олиш, яъни, бу ишни касбга айлантириб олишни ҳам қонуний категорияга киритади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Расул Кушербаев оддий фуқаро сифатида қоидабузарликларни суратга олишни “хоин”лик деб ҳисобловчилар сафида эканини очиқчасига тан олган ва депутат юқоридаги билдирилган фикрларга қўшилиб бугун 10-15 минг сўм учун бошқа бировни сотаётган одамлар вақти келиб, кўпроқ пул учун ватанини ҳам сотишга тайёр бўлиши мумкин деган фикрга қўшилишини билдирган.

Шундан сўнг, у қоидабузарликларга қарши бу даражада қаттиқ курашиш учун, аввало, инфратузилмани яхшилаш кераклигини алоҳида таъкидлаган. Шу билан бирга депутат “парковка” масаласига алоҳида урғу бериб, мавжуд муаммоларни келтириб ўтган. Бозорлар, йирик савдо мажмуалари, ишхоналар атрофида автомобиль қўйиш жойларининг ўзи йўқлиги ва йўлларнинг таъмирталаблиги сабаб қоидаларни бузиб қўйишга мажбур эканлигини айтган.

Депутат Алишер Қодиров ҳам бу баҳсли масалада қайси позицияда эканини билдириб: “Хуқуқбузарлик доимо хуқуқбузарликдир. Жазоланиши шарт. У расман қайд этиладими, фуқаро томонидан хабар бериладими, фарқи йўқ. Жарима оғирми? Тартибга риоя қилиб яшанг, тамом”, дейди. Қодиров яна “қоидабузарлик ҳақида хабар берган “хоин”лардан эмас, худбин ва лоқайдлардан қўрқиш керак, хатоингизни «сотганлар» кўзингизга балодек кўринмасин, ҳеч бўлмаса, кейинги сафар хатони такрорламасликка ёрдам беради. Худбин ва лоқайдлар эса манфаатига тўғри келмаса, нафақат тартиббузар, балки террорчини ҳам кўрмай қолиши мумкин”, дейди.

Яқинда ижтимоий тармоқда бир суратга кўзим тушди. Унда бир автомобиль ҳайдовчиси машинасининг ойнасига “Кимда-ким қоида бузганимнинг суратлари орқасидан пул топса, оила аъзоларининг жанозасига ишлатсин” деган ёзув­ни ёпиштириб олибди. Яна бир видеода ҳайдовчи суратга олишингдан олдин менинг ўрнимга отангни қўйиб кўргин қабилидаги таҳдидли сўзларни ёзиб, машинасининг орқа ойнасига илиб олган ва бошқаларга ҳам шундай қилишни тавсия этган.

Аслида, юқоридаги тартиб жамоатчилик назоаратини уйғотиш мақсадида жорий қилинган, сотқинликни ўргатиш учун эмас, назаримда. Ҳа, моддий манфаат эвазига  қоида­бузарликларни суратга олишни касбга айлантириш ёмон ва бу ишни  қоралаймиз. Аммо нима учун пул эвазига қоидабузарликларни суратга олганларни сотқинга чиқарамиз-у, бизнинг қоидабузарликларимизни яширишда “беминнат” ёрдам бериш эвазига пора олаётганларни сотқин ёки хоин сифатида кўрмаймиз? Ахир, улар ҳам ўз манфаатлари йўлида пора олишади-ку! Ёки олган пораларини автомобиль сақлаш жойларини қуриш, йўлларга асфальт ётқазиш учун сарфлашадими? Нима учун биз пора билан қўлга тушган катта-катта амалдорларни сотқин деб атамаймиз, аммo ҳеч қандай унвонию амали бўлмагани учун оддий одамларга сотқин деган тамғани ёпиштираверамиз? Шу ўринда яна бир гап: яқинда ноқонуний дарахт кесилгани тўғрисида суратга олиб жўнатган шахсларни кесилган дарахтларнинг диаметрига қараб, рағбатлантириш тартиби ҳам жорий қилинди. Агар, мантиқан қарайдиган бўлсак, дарахт кесганларни  суратга олганларни ҳам сотқин деб аташимиз керак. Бунинг учун ҳам пул рағбати жорий қилинган.

Куни кеча ижтимоий тармоқларда тарқалган бир видеода ҳайдовчи катта тезликда ҳаракатланган, етмаганига светофорнинг қизил чироғи ёниб туришига қарамасдан, ҳаракатланишда давом этган ва пиё­далар ўтиш жойидан ўтаётган мактаб болаларини уриб кетишига озгина қолган. Эътибор беринг-а, шу гапнинг охиридаги уч сўз бошқачароқ ҳам бўлиши мумкин эди… Яхшиямки, ҳеч ким зарар кўрмади. Аммо қачонгача бундай қоидабузарларни ҳимоя қиламиз? Ҳар доим ҳам бундай бахтли тасодифлар содир бўлавермайди, ахир. Балки фикрларимизни ўзгартириш вақти келгандир.

Танганинг иккинчи томони

Яқинда бир танишим йўқ жойдан 700 минг сўмга яқин жаримага тушганини жаҳл билан айтиб: “Бир кун шошилинч онамга дори олиш учун 3.28 тақиқловчи йўл белгиси остида машинамни тўхтатдим ва дорихонага кириб кетдим. Қайтиб чиққунимча 5 дақиқа ўтмасдан битта қоидани билмайдиган “ақлли” расмга олиб жўнатиб юборибди”, дея роса бўралатиб сўкинди. Тўғри-да, емаган сомсасига кимнинг пул тўлагиси келарди. Сиз ҳам шундай маломатларга қолмай десангиз қуйидаги 2 та йўл белгисининг фарқларини яхшилаб билиб олинг. Биргина диоганал чизиқ билан фарқланувчи бу белгиларнинг ўртасида ер билан осмонча фарқ бор.

3.27 ушбу тақиқловчи йўл белгиси ўрнатилган жойларда умуман тўхташ мумкин эмас.

3.28 рақамли йўл белгиси ўрнатилган ҳудудда тўхтаб туриш тақиқланган.

Аммо бу умуман тўхташ мумкин эмас дегани эмас. Ушбу белги остида 5 дақиқагача тўхтаб туриш, хусусан, йўловчи олиш ёки тушуриш, дўкондан нон, дори ёки бирор зарур нарса сотиб олиш каби оз вақт талаб этадиган ишларни бажариш мумкин. Лекин қоидани яхши билмаганлар, баъзида билатуриб, айрим инсонлар ҳайдовчи машинани тўхтатганига қанча вақт бўлганига ҳам эътибор бермасдан, дарров қоидабузарлик деб, суратга олиб, жарима.уз сайтига жойлаб қўйишмоқда. Табиийки, воқеа жойининг ўзида бўлмаган ЙПХ ходимлари ҳайдовчини бевосита қоидабузарлик сифатида жаримага тортишмоқда. Икки ўртада эса айбсиз ҳайдовчи жаримага тушяпти. Оз бўлса ҳам майли, фалон пул тўламоқда.

Қизиғи, агарда сиз тезликни оширсангиз 202 730 сўмдан – 3 040 950 сўмгача, қизил чироқда ўтиб кетсангиз 405 460 сўмдан-1 013 650 сўмгача жаримага тортилишингиз мумкин. Аммо сиз тўхташ ва тўхтаб туриш қоидаларини бузиб қўйсангиз 608 190 сўмдан – 3 040 950 сўмгача жарима тўлайсиз. Бу қандай мантиқсизлик. Ахир, тезликни ошириш орқали ёки қизил чироқда тўхтамасдан ҳаракатланишингиз оқибатида исонларнинг ҳаётига кўпроқ хавф соласиз ва бунинг ўлимга олиб келиш даражаси юқори. Бироқ тўхтаб туриш қоидасини бузиш орқали бу хавф нисбатан кам ҳисоб­ланади. Жарима пуллари эса гапларимизнинг аксини кўрсатяпти. Келинг, айнан ушбу қоидабузарлик учун чет эл давлатларида жарима миқдори қандай эканлигини кўрамиз.

Россияда тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиш ҳайдовчига 3000 рубл (тахминан 415 минг сўм), Украинада эса 510 украина гривнаси  (тахминан 188 минг сўм)га тушади. Қўшни Қозоғистонда мазкур қоидани бузган ҳайдовчи 24 минг танга (тахминан 589 минг сўм) жарима тўласа, Қирғизистонда бу қоидани бузган ҳайдовчиларга нисбатан 3000 қирғиз соми (тахминан 369 минг сўм) жарима қўлланилади. Шунингдек, бу давлатларда (Қозоғис­тондан ташқари) мазкур ҳуқуқбузарликни такроран содир этиш жарима миқдорини ўзгаришга сабаб бўлмайди.

Кўриниб турибдики, жарима миқдорининг энг юқориси бизда. Наҳотки, ҳеч ким ушбу қоидабузарлик учун белгиланган жарима пулларининг қиммат эканлигини сезмаган бўлса? Ҳайриятки, бу йил айрим депутатларимизнинг эсларига келиб қолди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган ўзгартиришлар қаторида тўхташ ва тўхтаб туриш қоидалари бузилгандаги жарима миқдори камайтирилишини ҳам кўрдик. Унга кўра, 128-моддага 6-қўшимчада транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини биринчи марта бузганлик учун кўзда тутилган БҲМнинг 3 баравари (669 минг сўм), йил давомида иккинчи марта содир этса 5 баравари (1 миллион 115 минг сўм), такрор содир этса 10 баравари (2 миллион 230 минг сўм), кейингилари 15 бараваридан (3 миллион 345 минг сўм) жарималар занжири бекор қилиниб, битта жаримага, яъни БҲМнинг 2 баравари (446 минг сўм) миқдоридаги жаримага ўзгартирилиши таклифи кўриб чиқилган ва биринчи ўқишда маъқулланган.

Демоқчимизки, ҳар қандай вазиятда ҳам, аввало, инсон эканлигимизни унутмайлик! Жумладан, қоидабузарликларни суратга олишда ҳам. Агарда сиз қоидани яхши билмасангиз ва ҳайдовчининг ҳаракати қоидабузарлик эканига ишонч ҳосил қилмаган бўлсангиз, аввал,  иккиланаётган йўл ҳаракати қои­даси ҳақида батафсил ўрганиб кейин суратга олинг. Тўхташга мажбур бўлиб қоида бузилган ҳолларда (инсонларнинг ҳаё­тига хавф солмайдиган вазиятларда) масалан, бирон ҳайдовчининг бирданига соғлиғи ёмонлашди ва тақиқланган жойга машинасини тўхтатди ёки машинада носозлик юзага келгани сабабли тўхташга мажбур бўлди. Бундай ҳолатларда бир икки сўмни деб, инсонийлик бурчингизни унутманг. Зеро, мўмин кишининг имондан кейинги энг муҳим вазифаси одамларга фойда келтириш уларга яхшилик қилишидир. Асло уларнинг заиф ҳолидан фойдаланиш эмас!

Маржонабону ДАДАЖОНОВА,

“Жамият” маҳорат мактаби тингловчиси