May 8, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

“Бу ёруғ дунёда ўчмас чироғим…”

 35 total views,  2 views today

1987 йилнинг ноябрида ҳарбий хизматдан қайтгач, олий ўқув юртида ўқишга тайёргарлик кўриш мақсадида Самарқандда таълим олаётган дўстларим ёнига жўнадим.

Ижара хонамизда кўпинча ёлғиз ўзим, турли қўлланма ва дарсликларни такрорлашдан толиққанимда бадиий китоблар ҳамда вақтли матбуот нашрларини ўқирдим.

Баҳорнинг илиқ, ёмғирли кунларидан бирида “Ёшлик” журналини кўздан кечираётиб, Афғонистонда ҳалок бўлган ўзбек ўғлонлари хотирасига бағишланган бир шеър эътиборимни тортди. У пайтлар, ҳали қўшни мамлакатда биродаркушлик жанглари давом этаётган, афғон тупроғи қариялар, аёллару норасида гўдаклар қони билан бот-бот бўялиб турган таҳликали бир палла эди. Тенгдошларим орасида ҳам бир неча уруш ногиронлари пайдо бўлган, ён қўшнимиз, яқин ўртоғимнинг эса уйи­га қайтишига саноқли кунлар қолганида темир тобутда жасадини келтириб дафн этишганди.

Шу сабабданми ёки шеърнинг мазмун-моҳияти юксак даражада бўлганиданми, ҳали эскириб улгурмаган дардли хотираларимни ёдга солиб, қалбимни ларзага келтирди. Содда тилда ёзилган, дилга яқин, тез эсда қоладиган равон шеърий сатрларни дарров ёд олдим. Ўша он хонанда бўлмаганим, шеър­ни оҳангга солиб куйлаш қўлимдан келмаганига жуда афсусланганим ҳамон ёдимда.

“Армон” деб номланган бу шеър муаллифи Муҳаммад Юсуф эди. Ҳарбийга кетгунимга қадар шоир ижоди билан танишлигимни хотирлай олмайман. Аммо ушбу бағиш­лов марсиясидан бошлаб, мен М.Юсуф шеърларини ўзгача қизиқиш билан кутадиган, кузатиб борадиган бир мухлисга айландим.

1989 йил ёз. Булунғур туманида ўқув амалиётини ўтарканмиз, ҳамкурс талабалардан бири “Ёшлик” журналининг навбатдаги сонини олиб келди. Журналдаги М.Юсуфнинг “Қора қуёш” достони барчага бирдек манзур бўлган, иқтидорли ижодкор ёшларнинг севимли шоирига айланиб улгурган эди.

Бундан анча йиллар муқаддам, 1991 йилнинг март ойида Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов таваллудига 50 йил тўлиши муносабати билан Самарқанд қишлоқ хўжалик институтида бўлиб ўтган тантанали маросим ҳали ҳам кўз ўнгимда турибди. Унда шоирнинг қаламкаш дўстлари, устоз ҳамда шогирдлари қаторида М.Юсуф ҳам бор эди. Ўшанда унинг она Ватанга, бу заминнинг мафтункор табиатию заҳматкаш халқига меҳр-муҳаб­батга йўғрилган шеърлари барчанинг олқишига сазовор бўлганди. Тадбир поёнига етаётганига қарамай, кўпчилиги ёшлардан иборат кеча аҳли яна М.Юсуф шеърларидан эшитиш истагини билдира бошлаганда домлаларимиздан бири: “меҳмонларга озор берманг­лар”, деган маънода бизларга танбеҳ берди. Бу сўзлар қулоғига чалинган шоир, кулимсираганча ўрнидан кўзғалди.

— Мен, бу ерда оддий меҳмон эмасман, – деди М.Юсуф овоз кучайтиргич ёнига яқинлашаркан, ҳамон ўша нимтабассум билан. – Мен Самарқандга куёвман. Шундай бўлгач, самарқандликларга қайта ва қайта шеър ўқиш менга оғирлик қилмайди…

Институтнинг муҳташам мажлислар биноси, яна шоир шеърларига ёғилган олқиш­лардан  ларзага кела бошлади.

2001 йилнинг баҳорида ишдан қайтаётиб, вилоят марказидаги бекатлардан бирида турли майда-чуйдалар билан савдо қилаётган аёл олдидаги китоблар орасида, М.Юсуфнинг “Сайланма”сини кўриб қолдим. Китобнинг босмадан чиққанига унча кўп бўлмаган, аммо қўлма-қўл ўқилаверганидан бўлса керак, оҳори анча тўкилиб, титилиб қолганди. Бунинг устига, пис­тафуруш опахон тўпламга салмоқдоргина нарх қўйиб “олсангиз, шу” дея туриб олди. Ўша йиллари китоб расталарида М.Юсуф китобларини топиш амримаҳол эди. Шу сабаб чўнтакнинг баракаси кетса-да, китобни сотиб олдим ва киракаш машинада кетишдан умид узиб, туманлараро қатновчи поездда қайтиш учун темир­йўл бекатига йўл олдим. Шоҳбекатда нуроний бир кекса киши қўлимдаги китобни бир кўздан кечириш учун бериб туришимни сўради. Поезд жўнашига ҳали барвақтлиги учун чеккароқдаги ўриндиқлар томон юрдик. Отахон вилоятимизнинг Косон туманидан бўлиб, ўқитувчиликдан нафақага чиққан, ёшлари етмишда эди. 

– Бу шоир йигит, ўн йиллар аввал Абдуллажонга ҳамроҳ бўлиб биз томонларга келган, Қўнғиртоққа чиқишганди, — деди отахон китоб саҳифасидаги муаллиф суратига ишора қилиб. – Кўпчилик эди улар, хаммалари шоир ва ёзувчилар… Айниқса, улуғ олим Озод Шарафиддиновнинг ташрифи… — домла ҳақида алоҳида эҳтиром билан сўзларди мўйсафид. – Бутун эл уларни кутгани кўчаларга чиқишган…

— Биламан, кўрганман бобо, улар аввалига Самарқандда бўлиб, сўнгра Қашқадарёга ўтишган, – дея хотираларимни ёдга оламан.

Ўша куни узоқ йиллар ёш авлодга математикадан сабоқ берган кекса, собиқ муаллим ва мен — тақдир тақозоси билан ўзга хизматда кун кечираётган зоотехник, қуёш уфққа бош қўйгунга қадар аҳли адабиёт ҳақида, шунингдек, М.Юсуф шеърияти ҳақида фикр алмашиб, баҳслашиб, поезддан қолиб кетишимизга бир баҳя қолганди.

Бир неча кундан кейин китобни ишхонамга олиб бордим. Дам олиш соатларида ҳамкасбларимга М.Юсуф шеърларидан ўқиб берардим. Шунда баъзи китоб ўқиш деса, кўнгли озадиган, чапанироқ ходимлар ҳам, қулоғига шоир ашъорларидан бир неча сатр эшитилиб қолса, беихтиёр диққат қилар, сўнгра, ёнимга келиб қайта ўқишимни, яна бошқаларидан ўқишимни илтимос қилар, кейин эса шу китобни ўқиш учун бериб туришимни сўрашарди. Ўшанда билганман сўз сеҳри-қудратини, ҳақиқий шеърият жозибасини.

Кўп ўтмай эса… Водариғ, ўзбекнинг забардаст шоири, назм гулшанининг навқирон боғбони, бу ёруғ оламни ташлаб кетиши, кимнинг хаёлига келибди дейсиз.

Ҳа, Муҳаммад Юсуф халқимизнинг юрагидан жой олган, эли суйиб ардоқлаган, эрка ва камтарин шоир эди.

Адабиётшунос О.Шарафиддинов таъкидлаганидек, М.Юсуф шеърларини ўқиган кўпчилик: “Э осон эканку шеър ёзиш, бундан чиқди мен ҳам ёзиб ташлайвераман-да” дея қўлига қалам олиши шубҳасиз. “Қани, ёзиб кўрингчи” — деганди домла шоирнинг шеърларига юксак баҳо бераркан.

Дарҳақиқат, шундай. М.Юсуф оддийгина сўзлардан мудроқ қалбларни уйғотиб, тўлқинлантира оладиган сўзлар шодасини туза олар, ўзбекнинг дардини, севгисини, аламларини шундай соддалик, самимийлик ва беғуборлик билан бита оларди.

Шоирнинг курсдошларидан бири радио орқали ўз хотираларидан гапираётиб М.Юсуфнинг ёшлиги ҳақида эсларкан: “Шеърларингиз ажойиб, нега матбуотда кўринмайсиз?” деб сўраганимизда, Муҳаммаджон: “Биз шеърият осмонида бирданига порлаб – чарақлаб кўринамизда”, дея жавоб қилганини айтиб ўтди. Жавоб қанчалик ҳазилга мо­йил бўлмасин, М.Юсуф ўз ҳаёти давомида ноёб истеъдоди билан айтган сўзларини тўла-тўкис бажариб улгурди.

Албатта, шоирнинг бир мухлиси сифатида унинг шеърларини таҳлил қилиш, ижодига баҳо бериш фикридан йироқман. Шундай бўлса-да, менинг назаримда Муҳаммад Юсуф нисбатан қисқа умри давомида ғоят баракали ижоди билан ўз номини шарқнинг буюк алломалари қаторида абадиятга муҳрлаб кетганига шубҳам йўқ.

Ўзбек халқи Муҳаммад Юсуф шеърияти билан ҳақли равишда фахрланса арзийди. Бу шеъриятда миллий ифтихор ва ғурур, ўз халқига, туғилиб ўсган юртига, унинг табиатига ўзи айтганидек, “ҳеч бир иддаосиз”, чексиз муҳаббат яққол кўриниб турибди. Шоир шеърияти абадиятга дахлдор, ўлмас шеъриятдир.

Аброр Асроров,

меҳнат фахрийси