May 8, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

“Аввал таълим, кейин тарбия”

 48 total views,  2 views today

Маълумки, кейинги йилларда мамлакатимизда мактабларда таълим сифатини юксалтириш масаласига ҳам катта эътибор берилиб, бу борада қатор чора-тадбирлар амалиётга жорий этилмоқда.

Хусусан, педагогларнинг ойлик маошини, жамиятдаги мавқеини ошириш, уларни ижтимоий ва ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, турли назорат органлари томонидан ўқитувчилар фаолиятини текширишларни чеклаш, педагогларни ободонлаштириш, мажлисларда қатнашиш, касб фаолиятига тегишли бўлмаган ишларга жалб қилмаслик бўйича сезиларли натижаларга эришилди. Охирги пайт­ларда таълим сифати паст мактаб­ларда дарс бериш учун бошқа ҳудудлардан жалб қилинган олий ва биринчи тоифага эга ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига махсус устамалар берилишининг йўлга қўйилгани ҳам яна бир муҳим қадам бўлди.

Албатта, бу каби ишлар вақти келиб ўз самарасини беради. Аммо, шу билан бирга ўқитувчиларнинг айни пайтдаги фаолиятида амалга оширилиши керак бўлган вазифалар ҳам талайгина. Ўқувчиларда билим олишга бўлган иштиёқни уйғота олишимиз ва кучайтиришимиз, менинг назаримда, булардан энг муҳими саналади. 

Бежиз бундай деяётганим йўқ. Чунки фаолиятимиз давомидаги кузатишдан келиб чиқиб шунга гувоҳ бўламанки, айрим ўқувчиларда дарсга, мактабга бўлган қизиқишнинг ўзи деярли йўқ. Улар билан индивидуал тарзда ишлаб кўрганимизда, айримларининг оилавий муҳитида бола келажагига бўлган катта эътиборсизликни кўриб, афсусланамиз.

Ота-онаси билан мулоқот қилганимизда бу ҳақда гапирсак, аксариятининг берган жавобидан, гапнинг очиғи, унча қониқмаймиз. “Биз кун бўйи ишда бўлсак, буларни сизларнинг олдингизга таълим олиши учун жўнатаяпмиз-да” дейдиганлари ҳам бор. Баъзи ота-оналар ҳаттоки чорак тугул, бир йилда бир марта ҳам мактабга келмайди, фарзандининг ўқиши билан қизиқмайди ҳам. Бунинг натижасида эса нафаат болаларнинг ўқиши, балки хулқи ҳам деярли назоратсиз қолмоқда.

Албатта, мен бу билан барча масъулиятни зиммамиздан соқит қилиб, ота-оналар бўйнига юкламоқчи эмасман. Аммо, халқимизда қарс икки қўлдан чиқади, деган гап борлигини ҳам унутмаслигимиз керак. Чунки ўқитувчи болаларда иштиёқ кўрса, ишига бутунлай бошқача ёндашади.

Аслини олганда, бу фикрлар халқаро таълим сифатини юксалтириш амалиётида ҳам аллақачон ўз исботини топган. Хусусан, ўтган йили Халқ таълими вазирлиги, Республика таълим маркази ва ЮНИСЕФ ҳамкорлигида умумий ўрта таълим сифатини ошириш масалаларига бағишлаб ўтказилган халқаро онлайн илмий-амалий конференцияда халқаро эксперт Жон Туллининг фикрлари эътиборимни тортган эди. Унинг айтишича, таълим сифатини ошириш учун учта жиҳатга эътибор қаратиш керак. Биринчидан, сифатли дарс жадвали. Яхши дарс жадвали яхши таълим бера олишга асос бўлади.

Ўқитувчиларнинг малакаси ва уларнинг дарс ўтишга бўлган хоҳишининг юқори экани ҳам таълим сифатини юксалтиришда муҳим омилдир. Ўқитувчиларда ўз фаолияти давомида малака билан бирга янги-янги нарсаларни ўрганишга ва янги гуруҳ болаларига дарс ўтишга бўлган хоҳиш ҳам юқори бўлсагина кутилган натижага эришиш мумкин.

Ва ниҳоят, Жон Туллининг фикрича, ота-оналар болаларини таълим олишга кучли рағбатлантириши керак. Ана шунда самарадорлик ҳар қачонгидан ҳам ошади.

Шу ўринда бундан бир неча йил олдин ҳамкасбларимдан бири томонидан билдирилган мана бу фикрга ҳам эътибор қаратишни лозим топдим.  Ҳамкасбимизнинг ёзишича, мактаблардаги ҳозирги мавжуд тарбия-таълим шаклидан воз кечиб, таълим-тарбия шаклини яратиш керак. Яъни, таълимни биринчи ўринга олиб чиқиш ҳаётий зарурат. Ўқувчиларга қуруқ панд-насиҳат қилиш, уларни одобли, интизомли бўлишга ундайдиган таъсирсиз чақириқлардан ўзимизни тийиб, илм беришимиз, тафаккурини ўстиришимиз лозим. Ўқувчилар ҳам, ота-­оналар ҳам ёшлар мактабда берилган таълим асосида билимли, етук инсон, жамиятда фаол шахс бўлиб етишишига, дейлик, ўз билими билан олий ўқув юртига кириш имкониятига эга бўлишига ишонсин. Акс ҳолда тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижа бермайди.

Мадина ОЧИЛОВА,

Учтепа туманидаги 194-умумтаълим мактабининг ўзбек тили ва

адабиёти фани бўйича

методбирлашмаси раҳбари