May 8, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Соҳибқирон ворислари

 10 total views,  2 views today

жаҳон тарихида ўчмас из қолдирган Соҳибқирон Амир Темур ҳаёти ва фаолияти ҳамиша жаҳон афкор оммасининг диққат марказида бўлиб келади. Бу табиий, чунки улуғ бобомиздай ўзи учунгина яшамаган, Ватанию миллати деб  куйиб-ёнган, қилган ишлари ўз замони эмас, олис келажак учун ҳам хизмат этаётган жаҳоншумул сиймолар тарихда кўп эмас. Шу маънода Амир Темур даври тарихини, хусусан, унинг Шахсиятини, хонадони ва фарзандлари тарихини ўрганиш жуда муҳим.

Маълумки, Амир Темурнинг тўрт ўғли бўлган. Шажараларда кўрсатилган. Аммо унинг қизлари ҳақида сўз камроқ ёзилади, баъзан ёзилмайди ҳам.  Бунинг сабабини, ўғилларга валиаҳд сифатида қаралгани, бунга катта аҳамият берилганидан излаш керак. Аслида эса Соҳибқирон қизларига ўғилларидан кам бўлмаган, балки кўпроқ меҳр кўрсатган, ҳамиша уларни авайлаган. Бу мавзуда Низомиддин Шомий билан Шарафиддин Али Яздий асарларида хийла маълумотлар бор. Заҳматкаш темурийшунос олим Турғун Файзиев Хондамирнинг “Ҳабиб ус-сияр” асарида келтирилган “Насабнома”га суяниб, ўзининг “Темурийлар шажараси” китобида мавзуни батафсилроқ ёритади.

Шуни таъкидлаш лозимки, китобда Соҳибқироннинг суюкли хотинларидан бири Туман-оқанинг отаси Амир Мусони Сароймулкхоним акаси,  деб янглиш ёзилади, ҳолбуки, Қарши ҳокими Амир Мусо билан Сароймулкхонимлар ака-сингил эмас, балки тоға-жиян эди.  Агар улар ака-сингил бўлганларида эди, Амир Мусо ворисийлик русуми бўйича хон авлоди ҳисобланган ва ҳокимият учун курашда бу нарса унга катта имкониятлар яратиб берган бўларди. Амир Мусо аслида нуфузли тойживут қабиласи бошлиғининг ўғли эди, холос. Мисол тариқасида келтирилган бунга ўхшаш айрим жузъий камчиликларга қарамай, “Темурийлар шажараси” тадқиқоти олимнинг узоқ йиллар давомида изчиллик билан олиб борган изланишларининг бебаҳо самараси ва у  Амир Темур даврини ўрганишда муҳим манба бўлиб қолаверади.

Амир Темурнинг тўрт ўғли ва икки қизи –  яъни Жаҳонгир Мирзо, Умаршайх Мирзо, Мироншоҳ Мирзо, Шоҳруҳ Мирзо, Оқа-бегим, Султон Бахт-бегимлар  бўлган, деган тушунча ҳукмрон эди.  Тарихчи Хондамирнинг гувоҳлик беришича, умрида ўн саккизта никоҳда хотинлари, йигирма иккита  канизаклари  бўлишига қарамай, Соҳибқирон нима учун бор-йўғи тўрт ўғилу икки қиз кўрган экан, деган савол табиий равишда хаёлларни тўлқинлантирарди…

Амир Темур ва темурийлар даврини  ёритишга бағиш­ланган форс тилида битилган муаллифи номаълум “Муъиз ал-ансоб” (Насабларнинг азизланиши)  шажараси жуда нодир манбалардан ҳисобланади. Тарих фанлари доктори, профессор Шодмон Воҳидов узоқ йиллар мобайнида чингизийлар ва темурийлар шажарасига бағишланган ушбу нодир асар устида изланишлар олиб борди, Дени Дидро фонди стипендиати мақомида 2003-2004 йиллар мобайнида Франция Миллий кутубхонаси ҳамда Париждаги “Эрон ва Ҳиндистон дунёси” илмий-текшириш марказида бўлиб, тадқиқотлар билан шуғулланди. Натижада  олим “Муъиз ал-ансоб”ни тўлиқ нусхасини рус тилига  ўгирди, унга сўзбоши ёзди,  изоҳлар, кўрсаткичлар ҳавола қилди, факсимилеси билан нашр эттирди. “Муъиз ал-ансоб” (Прославляющее генеалогии) 2006 йилда Алматида, “Дайк-Пресс” нашриётида дунё юзини кўрди. Асар номаълум муаллифлар гуруҳи  томонидан ўн бешинчи аср давомида ёзилган ва вақти-вақти билан зарурат юзасидан тўлдириб борилган кўринади.

Нодир асарнинг иккинчи қисми тўлиғича Амир Темур ва  темурийларга бағишланган, Амир Темурнинг бешинчи аждоди  Ал-амир Қорачардан то Ҳусайн Бойқаронинг ўғли Бадиуззамон Мирзогача  ўтган кишилар  таърифланган.

“Муъиз ал-ансоб”да кишилар номларини бериш тартиби ўзига хос. Русумга кўра, ажратиш осон бўлсин учун, эркак­лар номлари доира ичида, аёллар номлари мураббаъ (квадрат) ичида берилган. Тасаввур учун, Султон Ҳусайн Бойқарога бағишланган тавсиф тартибини кўрайлик. Даставвал, ҳарам тавсифланган, ҳар бир аёл кимнинг фарзанди эканлиги айтилган. Кейин, канизаклар номлари келтирилган. Чунончи, Чингизхон ҳақида ёзилганда, Чингизхоннинг 400 дан ортиқ хотин ва канизаклари борлиги таъкидланган. Кейин салтанатда нуфузли ва таниқли бўлган – амирлар, тавочилар, баҳодирлар, ясовуллар, парвоначилар, муҳрдорлар, юртчилар, садрлар, ўзбекча, форсча ёза оладиган мирза(котиб)лар, қўрчилар, баковуллар, қушчилар ва ҳоказолар барчаси номма-ном ёзилган.

Бизни, албатта, Амир Темурнинг ушбу китобда берилган насаби, айниқса, фарзандлари тўғрисидаги маълумотлар қизиқтиради. “Амир Темур авлоди” деган сарлавҳага назар ташлаймиз. Танишиб чиққанимизда, Амир Темурнинг  ўз умрида фақат тўрт ўғил, икки қиз эмас, балки саккиз ўғил, тўққиз қиз кўрганлигининг гувоҳи бўламиз.

Тавсиф Амирзода Шоҳруҳ баҳодирдан бошланади. Аммо уни негадир Амир Шамсиддиннинг қизи Дилшод-оқа ўғли дейилган. Бунда ҳам жон бордай: чунки Амир Темур Дилшод-оқага 1375 йилда уйланган, Шоҳруҳ Мирзо 1377 йилда таваллуд топган… Европа олимларидан баъзилари эса ҳатто, Сароймулкхонимни Шоҳруҳнинг онаси, деб ҳам ёзадилар. Бу, албатта, амирзоданинг катта малика қўлида тарбияланганидан келиб чиққан фикр.

Тарихчи Хондамир “Насабнома”сида эса бошқача манзарани кўрамиз:  унда Шоҳруҳ Мирзо Соҳибқироннинг халқимизнинг қорахитой қавмидан бўлган хос канизаги Тағой Туркон-оқадан туғилгани битилган. Соҳибқирон ке­йин Тағой Туркон-оқани ўз ақди никоҳига киритган. Турғун Файзиев ҳам “Темурийлар шажараси”да буни тасдиқлайди.

Бу ерда бир нарсага диққатимизни қаратишимиз лозим. “Муъиз ал-ансоб” муаллифи ўз асарини ёзаётган пайтда ҳоқони саид Шоҳруҳ Мирзо салтанат тепасида эди, у ҳақда нималар ёзиш  маълум талаблар доирасида бўлганидан ҳақиқатни ёзишга журъат этилмаган кўринади. Муаллиф Амир Темур авлоди тавсифини катта ўғилларидан эмас, балки кенжа ўғлидан бошлагани ҳам шуни кўрсатиб турибди. Хондамир (1475-1535) бошқа даврда яшагани учун унинг олдида ҳақиқат талабидан бошқа  вазифа турмаган, албатта.

Иккинчи бўлиб,  Амирзода Амироншоҳнинг номи келтирилган, унинг  Менгли-бика Жониқурбоний ўғли экани ёзилган. Муаллиф буни чамаси, Мироншоҳ Мирзонинг набираси Абу Саиднинг Хуросонда ҳукмрон бўлиб турган вақтда ёзган,  қайд этган кўринади. Шундан кейингина, Амир Темурнинг тўнғич ўғли Амирзода Жаҳонгир (онаси – Турмиш-оқа) ва Амирзода Умаршайхнинг (онаси – (Туман хотун, дейилади), аммо  Тўлун-оқа эканлигини Хондамир ҳам, Ж.Вудс ҳам  тасдиқлашади), яъни Соҳибқироннинг валиаҳди ва иккинчи ўғли номлари келтирилган.

Навбатда  — Жаҳоншоҳ (онаси –  кончгон(?) қабиласидан бўлган, Амир  Соҳибқироннинг биринчи хотини Турмиш-оқа хотун). У  онаси тарбиясида бўлган, беш ёшга кирганда оламдан ўтган. Яна бир ўғил туғилган (доирада исми ёзилмаган, туғилганидан қирқ кундан кейин нобуд бўлган, лекин онаси маълум  –   Султон-оқа).

Иброҳим (онаси — Тўқмоқ шаҳридан бўлган Хонмулк деган канизак) Туман-оқа тарбиясида бўлган, етти ёшида ўлган. Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”сида ҳам Амир Темур хонадонида Султон Иброҳим деган ўғил бола туғилгани ҳақида хабар берилган. Яна бир ўғил дунёга келган, аммо доирада унинг номи, онасининг исми ёзилмаган. Чамаси, гўдак ҳам, онаси ҳам  кўп фурсат ўтмай оламдан ўтганлар. Шундан кейин, “Муъиз..” муаллифи “Қизлари:” деб сарлавҳа қўяди: Оқа-бегим (русчада Ука-бегим; онаси – Турмиш-оқа. Уни Туман-оқанинг отаси Амир Мусонинг ўғли Муҳаммадбекка узатганлар). Султон Бахт-оқа (онаси – Улжой Туркон-оқа, Мусалланинг қизи, Амир Қозоғоннинг набираси) Нишопурда вафот этган. Қутлуғ Султон (онаси – Тағой Туркон-оқа) болалигида оламдан ўтган. Бекажон (онаси – канизак Шингил-оқа хотун, Жониқурбоний авлодларидан) бир ёшга етмай қазо қилган. Хондамир “Насабанома”сида  бундай канизак  номи учрамайди. Саодат  Султон (онаси – Дилшод-оқа хотун, Амир Шамсиддиннинг қизи, мўғуллардан…). Саодат Султон (онаси – Улжой Туркон-оқа, Амир Ҳусайннинг синглиси) болалигида ўлган. Яна бир қиз туғилган (мураббаъ (квадрат)да  исми ёзилмаган) онаси – Қонухон исмли канизак. Қизча  чақалоқлик пайтида нобуд бўлган. Аммо бу канизак номи ҳам Хондамир “Насабнома”сида  учрамайди. Исми келтирилмаган яна бир қиз туғилган (онаси – Амир Аббос канизаги(?), болалигида ўлган. Яна бир қиз (мураббаъда исми ёзилмаган), онаси – Дилшод-оқа, болалигида қазо қилган…

Демак, Амир Соҳибқироннинг фақат олти фарзанди эмас, балки Аллоҳ таоло унга ўн еттита фарзанд – саккиз ўғил, тўққизта қиз ато этган экан. Бандасига умрни эса Худо беради.

Тарихчилар ўз асарларида, табиий, узоқ умр кўрган фарзандлар ҳақида кўпроқ эслаганлар,  қалам тебратганлар. “Муъиз ал-ансоб”, “Насабнома”  сингари асарлар тарихимизни тўғри тушунишда, хусусан, Амир Темур ва темурийлар тарихини ўрганишда холис хизмат қилади. Соҳибқирон Амир Темурни Инсон сифатида, шарафли хонадон бошлиғи, серфарзанд ота сифатида яна ҳам ёрқинроқ тасаввур этишда катта ёрдам беради.

Умуман олганда, темурий фарзандларнинг камолга етишларида Соҳибқирон Амир Темур Кўрагон ҳазрати олийлари ҳамда Бибихоним деб шарафланган катта малика Сароймулкхонимларнинг саъй-­ҳаракатлари, беминнат хизматлари ҳар қанча эъзозланса арзийди. Чунки Соҳибқирон назари тушган набиралар асосан Сароймулкхоним қўлида тарбияланганлар. Шоҳрух Мирзо, Муҳаммад Султон, Халил Султон, Улуғбек Мирзолар шулар жумласидан. Ҳар бир набирага бир отабеги (оталиқ, атка) тайинланган. Улар Қуръон таълими, юртни бошқариш, хорижий мамлакатлар билан муомала қилиш маданияти, жанг сирларини эгаллаш, адабиёт ва санъатга қизиқишлик дейсизми, хаттотлик санъатларини ўрганишми, барини  диққат эътиборда тутганлар.  Амирзодалар ичида кўп шоирлар, хаттотлар, меъморлар, зиё аҳли бўлганлиги шундан. Қуръони каримни китобат қилганлар бор.

Ана шундай қатъий тартиб-интизом, яхши тарбия самараси туфайли Амир Темур авлодлари жаҳон майдонида салкам беш юз йил ҳукм сурдилар.

Муҳаммад АЛИ,

Ўзбекистон халқ ёзувчиси,

«Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси, профессор