May 8, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Фарзанд тарбияси одоб-ахлоқ меъёри билан ўлчанади

 10 total views,  2 views today

Оилавий муносабатлар тартибга солиниши натижасида оилада шахслар ўртасида ўзаро қариндошлик тушунчаси юзага келади. Қариндошлик ришталарининг юзага келиши ҳам, албатта, томонларга маълум ҳуқуқ ва мажбуриятларни юклайди.

Болалар ота-онасига нисбатан тўғри шажарадаги биринчи, невара бобосига, бувисига нисбатан – иккинчи, эвара катта бобосига, катта бувисига нисбатан – учинчи даражадаги қариндош ҳисобланади ва ҳоказо.

Ака-ука, опа-сингил,  уларнинг болалари, ота-онанинг ака-ука ва опа- сингиллари ҳамда уларнинг болалари, бобо ва бувиларнинг ака-ука ҳамда опа-сингиллари ва уларнинг болалари ва шунга ўхшашлар ён шажара бўйича қариндошлар ҳисобланади ва ҳаказо.Тўғри шажара бўйича қариндошлар ён шажара бўйича қариндошларга нисбатан яқинроқдир.

Икки шахс ўртасида қариндошликнинг узоқ-яқинлигини аниқлашда, даражаларнинг сони ёки шу шахслардан бирининг ўзини ҳисобга қўшмай туриб, ундан келиб чиққан авлодлар сони ҳисобга олинади.

Қариндошликдан қайин-бўйинчилик ва қуда-андачиликни ажрата билиш керак. Қайин-бўйинчилик ва қуда-андачилик кишининг насл-насабига ёки қондошликка асосланмайди. Балки никоҳнинг ёндош оқибати бўлган ижтимоий боғланиш ҳисобланади. Эр-хотиннинг қариндошлари йўқ бўлса, қайин-бўйинчилик ва қуда-андачилик вужудга келмайди. Қайин-бўйинчилик ва қуда-андачилик муносабатлари оила ҳуқуқи орқали бошқарилмайди.

Қариндошлик ришталaри орқали вужудга келган шахсий ҳамда мулкий ҳуқуқ мажбуриятларнинг ҳаммаси насл-насаб нуқтаи назаридан мустаҳкамланади. Оилада ота-­она ва болаларнинг бир­-бирига нисбатан ҳуқуқ ва мажбуриятлари боланинг насл-­насабига қараб белгиланади. Шу сабабли Қуръони каримда ҳар бир фарзандни ўз отасига нисбат бериш буюрилиб, фарзандликка олган шахслар ҳам ўз қарамоғларига олган болаларни ўз оталарига нисбат беришлари лоизмлиги уқтирилади.

Насабни белгилаш масаласи ислом ҳуқуқида муҳимлиги шу билан изоҳланадики, оилада хоҳ у янги бўлсин ё қадимий бўлсин унда ҳалол ва ҳаром  масалалари  ҳар  доим  диққат-марказида  бўлиши  лозим.  Чунки  бу масала болаларнинг тарбияси, хулқи ва келажагига таъсир қилади. Насабларнинг аралашиб кетмаслиги, яъни киши ўз маҳрами билан никоҳланмаслиги  никоҳнинг  асосий  шарти.  Шу  сабабли  насабга  эътибор бериладики, киши кимлигини ва ўз ўрнини билсин. Ислом ҳуқуқида қонуний никоҳ давомида туғилган, никоҳ бекор қилингандан сўнг энг ками 6 ой ва энг кўпи бир йил муддат ичида туғилган болага отанинг насаби берилади.

Агар  ўзаро  никоҳда  бўлмаган  шахс­лар  ўртасида  бола  туғилса  ва ота буни эътироф этса болага насаб берилади. Агар ўзаро никоҳда бўлмаган кишилар ўртасида ҳомиладорлик вужудга келиб, кейинчалик никоҳланса ва никоҳдан 6 ой ўтгач бола туғилса, болага отанинг насаби берилади. Агар 6 ойдан кам муддат ичида туғилса берилмайди. Лекин ота суд орқали боланинг насабини белгилаши мумкин. Оталикни белгилаш фактини мустаҳкамлаш учун боланинг айнан шу отадан туғилганлигини тасдиқлайдиган далиллар бўлиши шарт.

Ислом ҳуқуқи манбаларининг вояга етмаган болаларнинг шахсий ҳуқуқ ва мажбуриятларига оид нормаларини таҳлил қилиш шуни кўрсатадики, шариатда ҳам барча ривожланган қонунчилик нормалари каби, вояга етмаган болаларнинг қуйидаги шахсий номулкий ҳуқуқлари мустаҳкамланган:

1. Боланинг оилада яшаш ва тарбияланиш ҳуқуқи;

2. Ота-онаси ва бошқа қариндош­лари билан кўришиш ҳуқуқи

3. Ҳимояланиш ҳуқуқи;

4. Исм, ота исми ва фамилия олиш ҳуқуқи;

Ҳар бир бола — оилада яшаш ва тарбияланиш, ўз ота-онасини билиш, уларнинг ғамхўрлигидан фойдаланиш, улар билан бирга яшаш ҳуқуқига эга. Бола ўз ота-онаси томонидан тарбияланиши, ўз манфаатлари таъминланиши, ҳар тарафлама камол топиши инсоний қадр-қимматлари ҳурмат қилиниши ҳуқуқига эга.

Боланинг ота-онаси бўлмаганда ёки улар ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганда  ва  бола  ота-она  қарамоғидан  маҳрум  бўлган  бошқа  ҳолларда унинг оилада тарбияланиш ҳуқуқи васийси томонидан таъминланади.

Оила қонунчилигига биноан ҳар бир бола отаси, онаси, бобоси, бувиси, ака-укалари, опа-сингиллари ва бошқа қариндошлари билан кўришиш ҳуқуқига эга. Ота-онанинг никоҳдан ажралиши, никоҳнинг бекор қилиниши ёки ҳақиқий эмас деб топилиши боланинг ҳуқуқларига таъсир қилмайди.

Бола ўз ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Бола ҳуқуқини ҳимоя қилиш деганда, боланинг бузилган ҳуқуқини тиклаш, унинг ҳуқуқларини амалга оширишда мавжуд бўлган тўсиқларнинг олдини олиш, бартараф қилиш тушунилади. Мисол учун, агар ота-она фарзандларини тўғри тарбия қилмаса, таълим-тарбия беришда қонун билан юклатилган вазифаларини бажармаса, ота-оналик ҳуқуқларини суиистеъмол қилса, болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний  манфаатлари бузилган деб ҳисобланади. Бундай ҳолатлардан хабардор бўлган васий ҳомийлик органлари болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чораларини кўради.

Оила ота-онанинг ҳам ўз фарзандларига нисбатан шахсий номулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлари мавжуд бўлиб, улар ўз болаларига нисбатан тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эгадирлар. Ота-оналик ҳуқуқлари болалар балоғат ёшга тўлганларида тугайди.

Ота-онанинг бола олдидаги тенг ҳуқуқликлари унга ғамхўрлик қилиш, таълим-тарбия бериш, уни парвариш қилишдан иборатдир. Ислом ҳуқуқида боланинг олдида ўз ҳуқуқларини бажариш ота-она учун фақат аҳлоқий қоида бўлиб қолмай, балки фарз даражасидаги ҳуқуқ ва бурчдан биридир. Ота-­оналик ҳуқуқи болалар манфаатларига зид тарзда амалга оширилиши мумкин эмас.

Ҳар қандай жамият истиқболи, тинч­лиги, осойишталиги, равнақи оила институти тузилишига, унинг аъзоларининг ҳуқуқий, иқтисодий, маънавий муносабатлари  даражаси  оилада  эркак  ролига  кўп  жиҳатдан  боғлиқлиги турли  маълумотлар  билан  асосланган. 

Ота обрўсини сақлаш ва унга итоат қилиш ўзбек халқи учун ҳам миллий, ҳам диний қадрият сифатида аждодлардан бугунги кунгача етиб келган. Бундай хусусият фақат ислом дини тарқалган халқлардагина эмас, балки бошқа диний конфессияларга эътиқод қилувчи халқларда ҳам ўзига хос тарзда намоён бўлади. Масалан, конфуцийчиликда ота-она жуда улуғланади: «Ҳоқон (император) – Осмон ўғли, у осмон остидагиларнинг  барчасига  ота.  Осмон  остидаги  тартиб-қоида  эса қуйидагича:  подшо-подшо,  ота-ота,  мулозим-мулозим,  ўғил-ўғил  бўлиши керак». Бундан келиб чиқадики, ҳар бир оиланинг равнақи учун биринчи галда ҳаракат қиладиган киши – ота, ундан кейин онадир.

Ўзбек оиласи мустаҳкам, барқарор, аҳил бўлиши оталар маънавияти, маданиятига боғлиқдир. Эл-юртдаги тинчлик, хотиржамлик, меҳнатсеварлик, диёнатлилик, яхшиликлар ва эзгуликлар негизида оталар берган тарбиянинг илдизлари бор. Кўп ҳолларда ота тарбиясини олмаган фарзанд ахлоқида нуқсонлар бўлиши статистик маълумотларда келтирилган ва кенг таҳлил қилинган. Миллий ва исломий қадриятларда отани ҳурматлаш ва бўйсуниш, ёшларнинг иродавий, ҳуқуқий, ижтимоий фаолиятини бўғиш эмас, балки уларда тўлиқ эркинликни сақлаган ҳолда йўлга солишдир. Ўзбекистон «Оила кодекси»да бу масала хусусида: «Ота-­она ўз болаларининг тарбияси ва камолоти  учун  жавобгардир.  Улар  ўз  болаларининг  соғлиғи,  жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилишлари шарт.Ота-она ўз болаларини тарбиялашда бошқа барча шахсларга нисбатан устун ҳуқуққа эга», дейилган.

Аёлнинг оила мустаҳкамлиги учун курашаётган бир вақтда ажралиб кетаётган оилалардан ҳам кўз юмолмаймиз. Бунинг сабаблари бизнингча: биринчидан,      баъзи      ёшларнинг      оила      қуриш      ишига      жиддий ёндашмай,оқибатини ўйламай, енгилтаклик билан қарашлари;

иккинчидан,  ота-оналарининг ёш оила қурганлар ҳаётига ноўрин ёндашиши, айниқса, қайнона-келин муносабатлари;

учинчидан, оила қурган ёшлар ота-­оналарининг иқтисодий имконияти тенг эмаслиги натижасида низоларнинг келиб чиқиши;

тўртинчидан, фарзанд кўрмаслик оқибати ва бошқалардан  иборат. Бундай ҳолат, нафақат, оила, балки давлатни ҳам ташвишлантиради.

Шулардан келиб чиққан ҳолда қу­йидаги хулосаларни чиқариш мумкин: биринчидан,  ўзбек  халқида  қадимдан  оилада  аёлнинг  ўрни  ва  вазифаси шарқона ахлоқ-одоб меъёрлари билан ўлчанган. Агар бу меъёрларнинг бирор жиҳати бузилса, оила мустаҳкамлигига путур етган;

иккинчидан, ислом маданиятининг халқимиз ҳаётига кириб келиши билан оилани ташкил этиш ва муносабатларни ўрнатиш шаръий қонунлар асосида амалга оширилиб, унда эркак ва аёлларнинг ҳуқуқи ва бурчи ҳам ўз ифодасини топган;

учинчидан, мустабид тузум давридаги аёлларга берилган «тенг ҳуқуқлилик», уларга ёрдам беришдан кўра камситишга олиб келган;

тўртинчидан,  она   –   оиланинг  бекаси,  унинг  маънавияти,   ахлоқ-одоби, савияси қанча юқори бўлса, фарзандларига ҳам шунчалик етук тарбия бера олади. Бундай фарзандлардан тузилган янги оилалар жамият келажаги учун катта аҳамиятга эгадир;

бешинчидан, мустақиллик шароитида оила муносабатлари маданиятини шакллантириш  миллий  сиёсатининг  йўналишларидан  бири  ҳисобланади, айниқса,    аёллар    ҳуқуқининг    илмий    асосда    ҳимоя    қилиниши    оила мус­таҳкамлигининг гарови бўлиб хизмат қилмоқда.


 Дилнавоз ТАҒОЕВА,

Бухоро давлат

университети ўқитувчиси