May 8, 2021

Bong.uz

"JAMIYAT" GAZETASI SAYTI

Шунчаки тинглама, англа ва амал қил!

 16 total views,  2 views today

Замон ва маконларнинг боғланиш нуқтаси инсондир. У турли даврларнинг муаммоларига оқиллик ва одиллик билан жавоб топишга қодир. Пандемия панд берган бўлса-да, ундан қутулиш ва бартараф этиш халқимизни бу офатдан асраш борасида давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилган чора-тадбирлар бунинг яққол исботи. Зеро, халқ саломатлиги, бойлиги, розилиги ва фаровонлиги учун кўриладиган тадбирлар мамлакат тараққиётининг кафолатидир.

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаати ва унда кўтарилган масалалар ҳамда ечимлар мамлакатимиз истиқболи ҳамда равнақи йўлидаги дадил қадамдир. Президент эришилган ютуқлар билан биргаликда ривожланишга тўсиқ бўлувчи баъзи омиллар борасида таҳлилий ва танқидий назар орқали ўз мулоҳазаларини билдирди.

Мамлакатимизнинг барча соҳалари бўйича, аниқ ва фактик маълумотларни келтириш билан мулоҳаза юритиш асносида ёшлар ҳаёти ва уларнинг таълим-тарбиясига дахлдор бўлган ўқитувчиларнинг ўрни ҳамда масъулияти ҳақида алоҳида тўхталди.

Шу боис Президент «Жамиятда ўқитувчи касби энг нуфузли ва обрўли касб бўлиши лозим», дея уқтириб, мамлакатимизда 2021 йилда ўқитувчи ва педагогларга устама ҳақ тўлаш тизими йўлга қўйилишини таъкидлади. Бу ташаббус яқин тўрт йилдаги ўқитувчи ва мураббийларнинг ижтимоий мавқеини ошириш борасидаги амалий ҳаракатларнинг изчил давоми дейиш ўринли.

Хўш, таълимнинг сифати ва самарасига эришиш учун нималар зарур? Давлат раҳбари бунга ҳам аниқ ва равшан жавоб берди. Бунинг учун, аввало, ўқув дастурлари, ўқитувчи ва домлалар учун методик қўлланмаларни халқаро дастурларга мослаштириш, болаларнинг таҳлилий ва креатив фикрлаш қобилиятини ривожлантириш учун уларга сермазмун ва тушунарли дарсликлар яратиш зарурлигини эътироф этди. Эски усулдаги баландпарвоз гапириладиган таълим стандартлари эндиликда керак эмаслиги, илғор хорижий тажриба асосида болаларга ортиқча юклама бермайдиган миллий ўқув дастури жорий этилиши вақти келганини уқтирди. Таълим сифати фақат пойтахтда эмас, балки олис қишлоқларда ҳам юқори бўлиши шартлиги, бунинг учун эса малакали кадрлар билан таъминлаш, таълим сифатини ошириш бўйича алоҳида дастурни ҳал этиш муҳимлиги таъкидланди.

Очиғини айтиш керакки, таълим тизимидаги айрим дарслик ва қўлланмалар ҳали ҳам эски усулда, ўқувчи ва талабаларни қизиқтириш ўрнига бездирадиган тарзда, ҳаёт билан  боғланганлик даражаси паст бўлиб, назарий қоидаларни қуруқ ёдлатиш замирига қурилган. Энг қизиғи, мактабнинг таълим қозонида қайнамаган, уқувсиз олимлар томонидан ёзилган дарсликларда ўқувчиларнинг ёш ва психологик хусусиятлари эътиборга олинмаган. Бу эса ўқувчининг қизиқишини, эътиборини сўндиради. Айни пайтда ўқувчида умидсизлик, ишончсизлик туйғусини уйғотиши мумкин. Шу тариқа билимсизлик, ҳафсаласизлик урчийверади. Ҳар бир фан бў­йича ўз умрини, қобилиятини сарф этиб келаётган шу соҳа вакилларининг, тажрибали мутахассисларнинг фикр-мулоҳазаларини эътиборга олиш керак. Амал-тақал қилиб ёзилган дарс­ликдан ҳеч қандай наф йўқ. Агар у ёш авлоднинг билим-савияси, онг-у дунёқарашини юксалтиришга хизмат қилмаса, унинг нима кераги бор?

Муаммонинг иккинчи бир томони борки, бу педагогик маҳорат масаласи, яъни ўқитувчининг коммуникатив компетентлигидир. Тасаввур қилинг, юқори савияда тайёрланган дарслик ва қўлланмалардан баҳраманд бўлган ўқитувчи кенгқамровли билимга эга бўлса, ахборот компьютер технологияларини обдон эгаллаб, бир нечта хорижий тилларни ҳам билди дейлик, ҳали бу таълимнинг сифати ва самараси дегани эмас. Олинган билимни, оширилган малака, ҳосил қилинган кўникма, ўзлаштирилган илмни ўқувчи ёки талабанинг онгу шуурига сингдириш механизми, яъни коммуникатив компетентлиги бўлмаса, ҳеч қандай натижа йўқ. Демак, гап педагогик маҳоратда, янада аниқроғи, ўқитувчининг мулоқот маданияти, нотиқлик санъатини қай даражада эгаллаганлигида. Билими бўлса-ю, уқуви бўлмаса педагог таълимида сифат ҳам бўлмаслиги тайин.

Тасаввур қилинг: асл деҳқон, чорвадор етиштирган маҳсулотни бозордан келтириб ош тайёрлаш буюрилса, таом бемаза бўлса, айбдор ким? Деҳқонми, чорвадорми, сабзи, гуруч, гўшт каби ош масаллиғими ёки уни сотиб олиб келтирган харидорми? Албатта, ошпаз. Шундай экан, дарслик, қўлланмалар қанчалик сермазмун ва сифатли бўлмасин, педагогнинг коммуникатив қобилияти, нутқий маҳорати бўлмаса мақсад тўла рўёбга чиқмаслиги аниқ. Педагогнинг уқуви, билими ва тажрибаси таълим сифатининг муҳим ўзаги.

Бу даврнинг уйғоқ виждони маҳоратли ўқитувчилардан таълим олган ёш авлод бўлиши аниқ. Бунинг учун таълимнинг сифати ва самараси ҳар қачонгидан муҳим. Сабаби таълимнинг калити нутқ бўлса, тарбиянинг калити хулқдир. Худди шу маънода, мулоқотнинг очқичи нутқ билан, муомаланинг тутқичи эса хулқ билан.

Шу ўринда Уильям Уорднинг педагогик маҳорат бобидаги ушбу фикрини келтириш жоиз: “Ўртача ўқитувчи баён қилади, яхши ўқитувчи тушунтиради, машҳур ўқитувчи намойиш қилади, буюк ўқитувчи илҳомлантиради.” Тўғри, машҳур ва буюк ўқитувчилар таълими ва мотивациясидан илҳомланган ёш авлод чинакам маънода учинчи ренессанснинг пойдеворини қуришига шубҳа йўқ.

Шавкат Мирзиёев илм-маърифат ва таълимни юксалтириш,  инновацияни ва интеграцион жараёнларни амалга ошириш мамлакатнинг тараққиёти билан боғлиқлиги борасидаги фикрлар қаторида келгуси йилда 10 та Президент мактаби ва табиий фанлар, ахборот компьютер технологияларига ихтисослашган 197 та мактаб ўз фаолиятини бошлаши ҳақида ҳам айтиб ўтди.

Юқори даражадаги таълим тизими амалга оширилса, фарзандларимизни чет элларга юбориб ўқитишдан кўра, кенг имконият ва имтиёзларга эга бўлишимиз муқаррар. Бу борада ҳам Президент дадил қадам ташланаётганини эътироф этди. Рақобатбардош миллий кадрларни янги авлодини тайёрлаш мақсадида Тошкентда алоҳида янги университет очилиши, хориждан профессионал фан-таълим мутахассислари жалб этилиши эътироф этилди. Токи, чет элга бормасдан ўз юртида юқори билим олишга эришсин. Педагоглар малакасини ошириш тизими ҳам бизда ибратли эмас эди. Улар ҳар 5 йилда бир маротаба малакасини оширишарди. Бу эса ақлга сиғмайдиган ҳол. Бугунги давр­да ҳар кун, ҳар соатда барча жараёнларда  янгиликлар, ўзгаришлар содир бўлаётан пайтда уларнинг малакасини узлуксиз равишда амалга ошириш талаби юзага чиқди.

Таълим олиш учун яратилаётган имконият ва имтиёзларнинг яна бир мисоли сифатида грантлар сони камида 25 фоизга оширилиши, эҳтиёжманд оилаларнинг қизлари учун грантлар сонини 2000 тага етказиш хусусидаги эътирофларни келтириш мумкин.

Қуёш ҳамма жойга бир хил нур сочади, лекин бир жойда янтоқ, бир жойда гул ўсади. Муаллимнинг маърифат ёғдуси қуёш сочувчи зиёга монанд. Катта авлод билим ва тажриба кони. Уларнинг узоқни кўра олиш фазилатларини ёшларимиздаги ғайрат ва шижоат, мардлик ва фидойилик билан бирлаштира олсак, кўзланган марраларга, албатта етишимиз муқаррарлиги Мурожаатномада алоҳида уқтирилди.

Шундай экан, ёшларга эътибор давлат сиёсати даражасида бўлиши уларни ҳар дамда ва ҳар қадамда қўллаб-қувватланиши халқимизнинг саломатлиги билан боғлиқ ҳолда бўлиши йил номида ҳам акс этгани бежиз эмас. «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш» да даъват ва чорлов бор. Барча кўзланган режалар, пировард мақсадлар ана шу иккита асос – ёшлар ва аҳоли саломатлиги билан рўёбга чиқади.

Раҳимбой ЖУМАНИЁЗОВ,

доцент, «МАЪРИФАТ» тарғиботчилари

 жамияти аъзоси